Маурисио Почеттино «Тоттенхэм» ёки «Реал»га ўтиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди
АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Маурисио Почеттино ўзининг «Тоттенхэм» ёки Мадриднинг «Реал» клубига ўтиши борасидаги миш-мишларга жавоб қайтарди.
«Ҳеч қандай музокаралар олиб борилаётгани йўқ. Биз ҳозир бор эътиборимизни бўлажак Жаҳон чемпионатига қаратганмиз. Менинг миллий терма жамоа олдида мажбуриятларим борлигини ҳамма билади. Ҳозир келажак ҳақида гапирадиган вақт эмас.
Ҳеч ким менга мурожаат қилмади. Лекин воқеалар ривожи қандай бўлишини ким ҳам билади дейсиз. Айтганча, биз [АҚШ терма жамоасида қолишга] очиқмиз, агар федерация бизнинг ишимиздан мамнун бўлса, нега қолмаслигимиз керак?» — дея Почеттинонинг сўзларини журналист Бен Жейкобс келтирди.
Эслатиб ўтамиз, Почеттино 2024 йил сентябрь ойида АҚШ терма жамоаси жиловини ўз қўлига олган эди. 52 ёшли мутахассиснинг шартномаси АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган ЖЧ-2026 якунига қадар мўлжалланган.