“Марсель” “Вест Хэм” ҳимоячиси Жан-Клер Тодибони ўз сафида кўрмоқчи
Франциянинг “Марсель” клуби “Вест Хэм” марказий ҳимоячиси Жан-Клер Тодибо трансфери устида фаол иш олиб бормоқда. Foot Mercato маълумотига кўра, Лига 1 вакили 26 ёшли футболчини ёзги трансфер ойнасида ўз сафида кўришни мақсад қилган.
Манбага кўра, “Марсель” Тодибонинг ўзи билан оғзаки келишувга эришган. Энди француз клуби трансферни амалга ошириш учун “Вест Хэм” билан музокара олиб бориши ва битимнинг молиявий шартлари бўйича келишиб олиши керак.
Тодибо ўтган мавсумда “Вест Хэм” сафида барча мусобақаларда 25 та учрашувда майдонга тушган. Transfermarkt маълумотига кўра, француз ҳимоячисининг бозор қиймати 22 миллион евро деб баҳоланмоқда.
Фаолияти давомида Тодибо “Тулуза”, “Барселона”, “Шалке-04”, “Бенфика” ва “Ницца” клубларида ҳам тўп тепган. Ҳозирча “Марсель” ва “Вест Хэм” ўртасида якуний келишувга эришилмаган, бироқ футболчининг ўзи билан оғзаки келишув мавжудлиги трансфер жараёнини тезлаштириши мумкин.