«Марсель» бош мураббийи бўлиши кутилётган асосий номзод маълум бўлди
«Ренн» бош мураббийи Хабиб Бей фаолиятини «Марсель»да давом эттириши мумкин. Бу ҳақда RMC Sport нашри хабар бермоқда.
Манбанинг ёзишича, клуб хўжайини Френк Маккорт ва спорт директори Мехди Бенатия мухлислар билан учрашув чоғида Бей жамоанинг янги бош мураббийи бўлиши эҳтимоли юқори эканлигини маълум қилган.
Аввалроқ, мутахассис ва унинг мураббийлар штаби «Ренн»даги ишидан четлатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Эндиликда «Олимпик» раҳбарияти Лига 1 мутасаддилари билан боғланиб, мутахассиснинг собиқ клуби билан меҳнат шартномаси тўлиқ якунланганига аниқлик киритиши лозим. Кутилишича, Бей янги жамоаси билан қисқа муддатли шартнома имзолайди.
Ҳозирда «Марсель» Лига 1 турнир жадвалида 22 турдан сўнг 40 очко жамғарган ҳолда 4-ўринни эгаллаб турибди.