Маркус Рэшфорд «Барселона» билан хайрлашди
Англиялик ҳужумчи Маркус Рэшфорд ижара муддати якунлангач, «Барселона»ни тарк этаётганини расман эълон қилди. Футболчи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали каталониялик мухлислар ва клубга миннатдорлик билдирди.
Рэшфорд ўз мурожаатида «Барселона» сафида ўтказган даврини фаолиятидаги унутилмас саҳифалардан бири деб атади.
«Бу клубда ўтказган вақтимни ҳеч қачон унутмайман. Жамоадошларим, мураббийлар штаби ва мухлисларга мени ўз оиласидек қабул қилгани учун катта раҳмат. Сизларнинг қўллаб-қувватлашингизни доимо ҳис қилдим. «Барселона»га келажакда улкан муваффақиятлар тилайман», — деди Рэшфорд.
28 ёшли футболчи 2025/26-йилги мавсумни «Барселона»да ижара асосида ўтказди. У жамоа сафида 47 та учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди. Мавсум якунида каталонияликлар футболчини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмади ва Рэшфорд «Манчестер Юнайтед»га қайтди.