Марк Касадо фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Саудия Арабистони Суверен жамғармаси (PIF) «Барселона»нинг ёш иқтидори Марк Касадони келаси мавсумда маҳаллий чемпионатга жалб этилиши лозим бўлган футболчилар рўйхатига киритди. Mundo Deportivo нашрининг 365Scores порталига таяниб хабар беришича, араб томони 22 ёшли яримҳимоячининг трансфери бўйича жиддий ҳаракатларни бошлаган.
Маълум қилинишига, яқин кунларда PIF вакиллари футболчининг яқин атрофидагилар билан учрашув ташкил этишни ва унинг Саудия Арабистонига кўчиб ўтишга тайёрлигини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Саудия томони Касадонинг трансфери учун 40 миллион евро тўлашга тайёр.
Таъкидланишича, ушбу миқдордаги маблағ «Барселона»нинг айни дамдаги мураккаб молиявий ҳолатини сезиларли даражада яхшилаши мумкин.
Марк Касадо жорий мавсумда каталонияликлар сафида барқарор ўйин намойиш этиб келмоқда. У барча турнирларда жами 25 та учрашувда майдонга тушиб, битта голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Футболчининг «кўк-анорранглилар» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали Касадонинг айни дамдаги бозор қийматини 25 миллион еврога баҳоламоқда.