Мануэл Нойер ЖЧ–2026да Германия терма жамоасига қайтади — Плеттенберг
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэл Нойер Германия терма жамоаси сафига қайтади ҳамда АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Инсайдер Флориан Плеттенбергнинг хабар беришича, миллий терма жамоа бош мураббийи Юлиан Нагельсманн бу борада якуний қарорга келган.
40 ёшли тажрибали посбон, агар кутилмаган фавқулодда ҳолат юз бермаса ва унинг «Кёльн»га қарши ўйинда (5:1) болдир мушагидан олган жароҳати жиддий оқибатларга олиб келмаса, Германиянинг ЖЧ учун якуний қайдномасидан жой олади.
Нагельсманн сўнгги ҳафталарда ўтказилган шахсий музокаралардан сўнг ушбу қарорни терма жамоа спорт директори Руди Фёллер билан ҳам келишиб олган. Эслатиб ўтамиз, Нойер 2024 йилнинг 21 августида халқаро фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди.
Германия терма жамоасининг жаҳон чемпионати учун якуний таркиби шу ҳафта пайшанба куни, яъни 21 майда расман эълон қилинади.