Мануэл Нойер «Бавария»нинг умумий машғулотларига қайтди
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэл Нойер жамоанинг навбатдаги машғулотига қатнашди. Бу ҳақда немис клуби матбуот хизмати хабар бермоқда. Тажрибали посбон яқинда чап болдир мушагидаги жароҳатидан тўлиқ тузалди.
Нойер билан бир қаторда, ҳимоячи Рафаэл Геррейру ҳам машғулотларни тўлиқ ўтади. Шунингдек, Альфонсо Давис, Александр Павлович ва Жамал Мусиала машқларнинг бир қисмини бажаришди. Мюнхенликларнинг иккинчи дарвозабони Йонас Урбиг эса ҳозирча якка тартибдаги дастур асосида шуғулланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Урбиг Германия терма жамоаси ихтиёрида бўлганида жароҳат олган эди.
Жорий мавсумда Нойер клуб сафида барча турнирлар доирасида 29 та ўйинда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 27 та гол ўтказиб юборди ва 10 та учрашувда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.