Мануэль Нойер «Бавария» тарихидаги рекордни янгилаши мумкин
Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабони Мануэль Нойер Германия Бундеслигасида янги тарихий рекорд ўрнатиш арафасида турибди. 40 ёшли футболчи 17 октябр куни «Лейпциг»га қарши учрашувда майдонга тушса, клуб тарихида Бундеслигада ўйнаган энг кекса футболчига айланади. Бу ҳақда «Бавария» расмий сайти хабар бермоқда.
Манбага кўра, Нойер учрашув куни 40 ёш-у 204 кунлик бўлади ва клубнинг собиқ дарвозабони Бернд Дрехерга тегишли рекордни янгилайди. Дрехер 2007 йил 19 май куни «Майнс»га қарши баҳсда 40 ёш-у 198 кунлигида майдонга тушган ва шу пайтгача мазкур натижа бўйича рекордчи бўлиб келган. Шунингдек, Нойер «Лейпциг»га қарши ўтказган 14 та расмий учрашувнинг бирортасида мағлубиятга учрамаган.
Мазкур учрашув «Бавария»нинг яна бир юлдузи Гарри Кейн учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Англиялик ҳужумчи майдонга тушса, Бундеслигадаги 100-учрашувини ўтказади. Кейн ҳозиргача Германия чемпионатида 101 та гол уришга муваффақ бўлган ва дастлабки 100 та ўйинда энг кўп гол киритган футболчи сифатида тарихга киришга яқин турибди. Шунингдек, у «Лейпциг»га қарши аввалги бешта Бундеслига учрашувида еттита гол муаллифига айланган.
Маълумот учун, «Бавария» Бундеслигадаги сўнгги 14 та уй учрашувида мағлубиятга учрамаган. «Лейпциг» эса чемпионат доирасидаги охирги тўртта сафар ўйинида имкониятни бой берган. Жамоаларнинг Мюнхендаги аввалги учрашуви «Бавария»нинг 6:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланган. Нойер эса Бундеслигадаги кетма-кет 48 та учрашувда мағлубият нималигини билмай келмоқда.