Манэ энг яхши футболчи, Буну энг яхши дарвозабон — Африка Миллатлар Кубогининг энг яхшилари аниқланди
Марокашда 2026-йилги Африка миллатлар кубоги якунига етди. Турнир натижаларига кўра, Сенегал терма жамоаси ўз тарихида иккинчи бор мусобақа чемпионига айланди. Тақдирлаш маросими чоғида Халқаро футбол федерацияси (FIFA) турнирнинг энг яхшиларига индивидуал совринларни топширди.
Мусобақанинг энг яхши дарвозабони деб 34 ёшли марокашлик Яссин Буну эътироф этилди. У турнирдаги барча етти учрашувда майдонга тушиб, атиги икки гол ўтказиб юборди ва беш ўйинда дарвозасини дахлсиз сақлади. Шунингдек, Буну битта ўйинда пенальтилар сериясида ғалаба қозонди.
Африка миллатлар кубогининг энг яхши футболчиси Сенегал терма жамоаси вингери Садио Манэ бўлди. 33 ёшли ҳужумчи етти учрашувда икки гол урди ва иккита голли узатмага муаллифлик қилди.
Турнирнинг энг яхши тўпурари соврини Марокаш терма жамоаси ҳужумкор яримҳимоячиси Браим Диасга насиб этди. У мусобақа давомида етти ўйинда беш бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
Бундан ташқари, FIFA фэйр-плей мукофотини Марокаш терма жамоасига топширди.