«Манчестер Юнайтед» яримҳимояни кучайтириш учун 150 миллион фунт сарфлашга тайёр
«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти уч нафар янги яримҳимоячини сотиб олиш учун 150 миллион фунт стерлинг (175 миллион евро) ажратишга қарор қилди. Маблағнинг асосий қисми — 80 миллион фунти (93 миллион евро) мавсум якунланиши билан жамоани тарк этадиган Каземиронинг ўрнини тўлдиришга сарфланади. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, «қизил иблислар» Каземирога асосий ўринбосар сифатида «Брайтон» яримҳимоячиси Карлос Балеба номзодини кўриб чиқмоқда. Ушбу трансфер клубга айнан 80 миллион фунтга тушиши кутилмоқда.
Манкуниянликларнинг иккинчи мақсади — Мануэл Угартега муносиб рақобатчи ёки ўринбосар топишдир. Ушбу трансфер учун клуб 40 миллион фунт (47 миллион евро) сарфлашга тайёр. Ушбу рўйхатдан «Вест Ҳэм» аъзоси Матеуш Фернандеш, шунингдек, «Борнмут» футболчилари Алекс Скотт ва Тайлер Адамс жой олган.
Бундан ташқари, «Манчестер Юнайтед» захира таркибини кучайтириш мақсадида учинчи ярим ҳимоячи учун тахминан 20 миллион фунт (23 миллион евро) ажратган. Клуб бу ўринга «Саутгемптон» вакили Шей Чарлзни муносиб номзод деб ҳисобламоқда.