«Манчестер Юнайтед» ва «Челси» Касадога қизиқмоқда
"Манчестер Юнайтед" ва "Челси" "Барселона" ярим ҳимоячиси Марк Касадога қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда TEAMtalk хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотига кўра, "қизил иблислар" вакиллари яқинда 22 ёшли футболчи борасида музокаралар олиб боришган. Ўз навбатида, "кўклар" ўйинчи атрофидаги вазиятни кузатиб боришмоқда, бироқ трансфер амалга ошган тақдирда унга асосий таркибдан доимий жой кафолатлай олишмайди.
Қайд этилишича, айни дамда Англия Премьер-лигасининг ҳеч бир клуби расмий таклиф билан чиқмаган. Шу билан бирга, испаниялик футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун курашда "Монако" ҳамон фаворит саналмоқда. Тахминларга кўра, клуб бошқа харидлар учун қайдномада жой бўшатиш ниятида бўлгани сабабли, Касадо шу ёзда "кўк-анорранглилар" сафини тарк этади.
Футболчи 2024-йилнинг июл ойидан буён Каталония клубининг асосий таркибида тўп сурмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2028-йилнинг 30-июнига қадар мўлжалланган. Ўтган клуб мавсумида Касадо 34 та учрашув ўтказиб, битта голли узатмани амалга оширган. Transfermarkt интернет-портали маълумотларига кўра, футболчининг тахминий қиймати 18 млн еврони ташкил этади.