«Манчестер Юнайтед» Рафаэл Леауга қизиқмоқда
Португалия терма жамоаси вингери Рафаэл Леау фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, «Манчестер Юнайтед» «Милан»дан 27 ёшли футболчининг эҳтимолий трансфери бўйича расмий маълумот сўраган.
Таъкидланишича, Леау энди «Милан»нинг узоқ муддатли режаларида асосий ўрин тутмаяпти ва клуб уни жорий ёзда сотишга тайёр. Футболчининг ўзи ҳам янги чақириқни қабул қилиб, жамоасини ўзгартиришга қарши эмас.
Аввалроқ Туркиянинг «Фенербахче» ва «Галатасарой» клублари ҳам португалиялик ҳужумчи учун музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Леаунинг ўзи фаолиятини Англияда давом эттиришни афзал кўрмоқда.
Маълумотларга кўра, «Милан» футболчи учун тахминан 50–60 миллион евро талаб қилмоқда.