«Манчестер Юнайтед» Нагельсманн билан алоқага чиқди
«Манчестер Юнайтед» Германия терма жамоаси устози Юлиан Нагельсманн билан дастлабки музокараларни бошлади. Бу ҳақда Topskills Sports UK хабар бермоқда.
Ушбу жараён клубнинг кадрлар танлаш бўлими раҳбари ва немис мутахассиси иш услубининг ашаддий муҳлиси ҳисобланган Кристофер Вивеллнинг фаол босими остида амалга ошмоқда. Клуб раҳбарияти Нагельсманни Премьер-лигада гегемонлик ўрнатиб, Юрген Клоппнинг «Ливерпуль»даги афсонавий муваффақиятини такрорлай оладиган навбатдаги немис мураббийи сифатида кўрмоқда.
Сэр Жим Рэтклифф ва Кристофер Вивеллнинг клубдаги нуфузи сезиларли даражада ошган, техник директор эса айниқса мутахассиснинг тактик ёндашувини юқори баҳоламоқда.
Бироқ, жамоанинг асосий ўйинчилари, жумладан Бруну Фернандеш ҳозирги вақтинча мураббий Майкл Керрикни фаол қўллаб-қувватламоқда. Агар Керрик кетса, Фернандеш фақатгина ҳафтасига 400 минг фунт маош ва бонуслар кўзда тутилган янги шартнома имзоланган тақдирдагина қолишга тайёр. Бордию Керрик ўз фаолиятини давом эттирса, португалиялик футболчи ҳар икки томонни қониқтирадиган маош борасида музокараларга очиқ эканини билдирган.
Айни дамда Юлиан Нагельсманн бош мураббийлик учун асосий номзодлардан бирига айланган, унинг вакиллари билан музокаралар эса дастлабки босқичда давом этмоқда.