“Манчестер Юнайтед” кўп миллионлик янги шартнома имзолади
“Манчестер Юнайтед” Американинг молиявий хизматлар компанияси SoFi билан кўп йиллик ҳамкорлик шартномасини имзолади. Келишув клуб тарихидаги энг йирик тижорий битимлардан бири бўлиши кутилмоқда. Ҳамкорлик доирасида SoFi “Манчестер Юнайтед”нинг АҚШдаги расмий молиявий хизматлар ҳамкорига айланади.
Манбаларга кўра, келишув қиймати бир неча йил давомида 100 миллион доллардан ошиши мумкин. Ҳамкорлик асосан АҚШ бозорига қаратилган бўлиб, клубнинг мамлакатдаги миллионлаб мухлислари учун махсус молиявий маҳсулотлар ва хизматлар таклиф этилиши режалаштирилган.
Битим доирасида SoFi бренди “Манчестер Юнайтед”нинг турли рақамли платформалари ва АҚШдаги лойиҳаларида намойиш этилади. Клуб раҳбарияти ушбу ҳамкорлик орқали Америка бозоридаги тижорий имкониятларини янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Маълумот учун, “Манчестер Юнайтед” дунёдаги энг йирик мухлислар аудиториясига эга футбол клубларидан бири ҳисобланади. Клуб сўнгги йилларда спорт натижалари билан бир қаторда тижорий даромадларини ошириш ва халқаро ҳамкорликлар доирасини кенгайтиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда.