«Манчестер Юнайтед» Каземиро ўрнига «Вулверхэмптон» яримҳимоячисини сотиб олмоқчи
«Манчестер Юнайтед» клуби «Вулверхэмптон»нинг 27 ёшли марказий яримҳимоячиси Жоау Гомесни сотиб олиш имкониятларини жиддий кўриб чиқмоқда. Бразилиялик футболчи «қизил иблислар» эътиборини тортган бўлиб, клуб раҳбарияти уни Каземиро кетганидан сўнг таркибни кучайтира оладиган асосий номзодлардан бири деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар бермоқда.
Ҳозирча «Ман Юнайтед» «Вулверхэмптон» билан музокараларни бошлашни режалаштирмаяпти. Клуб мавсум якунида «бўрилари»нинг Премьер-лигадан тушиб кетиш-кетмаслиги бўйича натижаларни кутмоқда. Агар «Вулверхэмптон» қуйи лигага равона бўлса, бу музокаралар жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради ва футболчининг нархи пасайишига хизмат қилади.
Жорий мавсумда Гомес «Вулверхэмптон» сафида 35 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган бўлиб, Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 35 миллион евро деб баҳоламоқда.