«Манчестер Юнайтед» «Интер» ҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда
«Манчестер Юнайтед» апрель ойидан буён «Интер»нинг чап қанот ҳимоячиси Карлос Аугустони кузатиб келмоқда. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс The United Stand учун тайёрлаган материалида маълум қилди.
Манбага кўра, миланликлар 27 ёшли бразилиялик футболчини 25–30 миллион евро эвазига сотишга тайёр.
Шунга қарамай, «қизил иблислар»нинг чап қанот ҳимояси учун асосий трансфер мақсади ҳамон «Ньюкасл» футболчиси Льюис Холл бўлиб қолмоқда. Шунингдек, манчестерликлар «Вест Хэм»нинг 20 ёшли ҳимоячиси Оливер Скарлсга ҳам қизиқиш билдирган.
2025/2026 йилги мавсумда Карлос Аугусто барча мусобақаларда 46 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Футболчининг «Интер» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати ҳозирда 23 миллион еврога баҳоланмоқда.