«Манчестер Юнайтед» Ибраим Сангарега қизиқиш билдирмоқда
Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби Кот-д’Ивуар терма жамоаси ва «Ноттингем Форест» жамоаси таянч яримҳимоячиси Ибраим Сангарега жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар тарқатди.
«Қизил иблислар» скаутлари 28 ёшли футболчининг майдондаги турли курашларда яққол устунлик қилиши ва хавфли вазиятларда ўзини йўқотмасдан, совуққонлик билан ҳаракат қилишини юқори баҳоламоқда.
Манбанинг таъкидлашича, «ўрмончилар» 2023 йилда футболчини қарийб 35 миллион евро эвазига сотиб олган эди. Энди клуб музокараларни юқорироқ суммада бошлашни режалаштирмоқда ва футболчи учун 45-50 миллион евро атрофида маблағ талаб қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Сангаренинг «Ноттингем Форест» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали эса унинг айни дамдаги бозор қийматини 22 миллион еврога баҳолаган.
Жорий мавсум давомида кот-д’ивуарлик яримҳимоячи барча турнирлар доирасида жами 32 та учрашувда майдонга тушишга улгурди. Мазкур баҳсларда у рақиблар дарвозасини 2 марта ишғол этди ва жамоадошларига 3 та голли узатмани амалга оширди.