«Манчестер Юнайтед» Фермин Лопес учун 150 млн евро тўлашга тайёр
«Манчестер Юнайтед» «Барселона»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Фермин Лопесни трансфер қилишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Инглиз клуби 23 ёшли футболчи учун 150 млн еврогача маблағ сарфлашга тайёр экани айтилмоқда. Бу ҳақда El Nacional нашри Goal маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Манбага кўра, «Юнайтед» раҳбарияти Фермин келажакда жамоанинг асосий етакчиларидан бирига айланиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Манчестерликлар уни 32 ёшли Бруно Фернандешнинг узоқ муддатли ўринбосари сифатида ҳам кўрмоқда. Бироқ «Барселона» ўз тарбияланувчисини сотишни режалаштирмаяпти, футболчининг ўзи ҳам клубни тарк этиш ниятида эмас.
Фермин 2026/27-йилги мавсумни юқори савияда бошлади. У дастлабки учрашувларда гол ва голли узатмалари билан ажралиб, Ханси Флик жамоасининг муҳим футболчиларидан бирига айланди. Аввалроқ «Челси» ҳам испаниялик ярим ҳимоячига қизиқиш билдирган, бироқ у «Барселона»да қолишни афзал кўрган.
Маълумот учун, Фермин Лопес жорий йил бошида «Барселона» билан шартномасини 2031-йил ёзигача узайтирган. Клубнинг аввалги келишувида футболчининг товон пули 500 млн евро этиб белгиланган эди. 23 ёшли ярим ҳимоячи «Ла Масия» тарбияланувчиси ҳисобланади.