“Манчестер Сити”да янги имконият? Абдуқодир Ҳусанов катта бурилиш остонасида
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида фаолият юритмоқда ва ҳозирда жамоа таркибида ўз ўрнини мустаҳкамлаш устида ишламоқда. Яқин вақтларда клуб мураббийлар штабида кутилган ўзгаришлар ёш футболчи учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.
Яқинда “Манчестер Сити” жамоаси 2024/25 йилги мавсум якунланиши билан Хосеп Гвардиоланинг мураббийлар штабидаги уч муҳим шахс жамоани тарк этишини эълон қилди. Гап бош мураббий ёрдамчилари — Хуанма Лило, Иниго Домингес ва Карлос Висенс ҳақида кетмоқда. Лило ва Домингес билан шартномалар узайтирилмайди, Висенс эса фаолиятини Португалиянинг “Бенфика” клубида бош мураббий сифатида давом эттиради.
Клубга яқин манбаларга кўра, бу ўзгаришлар жамоанинг тайёргарлик жараёнига янгича ёндашиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Машҳур футбол журналисти Фабрицио Романо маълум қилишича, “Манчестер Сити” мураббийлар штабини тўлдириш учун бир неча номзодларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида Коло Туре ва Пеп Лейнерс каби турли тажрибага эга мутахассислар ҳам бор.