«Манчестер Сити» яна бир ҳимоячини ўз сафига қўшиб олмоқчи
Англиянинг «Манчестер Сити» клуби «Брентфорд» ҳимоячиси Майкл Кайодени ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Манчестерликлар 22 ёшли италиялик футболчининг ўйинларига юқори баҳо бермоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, «шаҳарликлар» Кайоденинг кўрсатаётган ўйинидан ҳайратда ва молиявий муаммоларга қарамай, уни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ «Брентфорд» раҳбарияти ҳимоячини жамоанинг келажакдаги лойиҳасида муҳим футболчи деб ҳисобламоқда ва у билан хайрлашиш ниятида эмас.
Шунингдек, италиялик футболчига Англиянинг яна бир қанча етакчи клублари қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ҳам Кайодени ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Ҳозирча футболчининг трансфери бўйича расмий келишувга эришилмаган.
Маълумот учун, Майкл Кайоде жорий мавсумда «Брентфорд» сафида барча мусобақаларда 7 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол урган. Transfermarkt портали 22 ёшли ҳимоячининг трансфер қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.