«Манчестер Сити» мухлисларини финалга олиб кетаётган автобус ёниб кетди (фото)
Англия Лига Кубоги финали доирасидаги «Арсенал»га қарши баҳс учун «Манчестер Сити» мухлисларини Лондонга олиб кетаётган автобус йўлда ёниб кетди. Бу ҳақда Manchester Evening News нашри хабар бермоқда.
Ҳодиса оқибатида M6 трассасининг бир қисмида ҳаракатланиш сезиларли даражада қийинлашган. Қайд этилишича, транспорт воситасидаги йўловчилар ўз вақтида эвакуация қилинган ва улар йўл четида ёрдам кутган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда автобусдан кучли аламга ва қуюқ тутун чиқayotganини кўриш мумкин. Мухлисларнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф йўқлиги айтилмоқда. Кейинчалик ишқибозлар бошқа автобусларга ўтириб, йўлларида давом этишган.

Йўловчи ташиш компанияси содир бўлган воқеа юзасидан расмий баёнот берди:
«Бугун эрталаб M6 пуллик автомобиль йўлининг жанубий йўналишида автобусларимиздан бири иштирокида кўнгилсиз ҳодиса юз берганини тасдиқлаймиз. Барча йўловчилар ва ҳайдовчи хавфсиз жойга эвакуация қилинди, ҳеч ким жабрланмади. Тезкор ҳаракатлари учун фавқулодда вазиятлар хизматига миннатдорчилик билдирамиз.
Автобус мухлисларни Англия Лига Кубоги финалига олиб кетаётган эди ва барча йўловчилар стадионга йўл олган бошқа автобусларга ўтказилди. Биз воқеа тафсилотларини ўрганиш бўйича расмийлар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз ва зарур бўлганда қўшимча маълумот берамиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс 0:2 ҳисобида «шаҳарликлар» фойдасига ҳал бўлди. Абдуқодир Ҳусанов эса асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ ҳаракат қилди.