«Манчестер Сити» Гвардиолага ўринбосар топди
Англиянинг «Манчестер Сити» клуби амалдаги бош мураббий Пеп Гвардиола жамоани тарк этганидан сўнг унинг ўрнини ким эгаллашини маълум қилди. Бу ҳақда Football Transfers хабар бермоқда.
Манбага кўра, Гвардиоладан сўнг янги мураббий ҳозирда Италиянинг «Комо» клубини бошқараётган Сеск Фабрегас бўлади.
«Фабрегас мураббий сифатидаги биринчи мавсумини якунлади ва Европанинг энг ёрқин ёш мураббийларидан бири сифатида шуҳрат қозонди.
38 ёшли мутахассиснинг тактик схемаси аниқлиги ва ишончлилиги, шунингдек, унинг позицион футболни чуқур тушуниши Сескни узоқ муддатли режаларида кўраётган «Манчестер Сити» иерархиясини ҳайратда қолдирди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити» билан тузган амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзида якунига етади.