\"Манчестер Сити\" Гвардиол билан шартномани узайтирди
"Манчестер Сити" марказий ҳимоячиси Йошко Гвардиол билан янги шартнома имзолаганини расман эълон қилди. Янги келишувга кўра, хорватиялик футболчи 2031-йилга қадар инглиз клуби сафида қолади. Аввалроқ унга Мадриднинг "Реал" клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Гвардиол "Манчестер Сити"га 2023-йил ёзида келиб қўшилган. Шу вақтгача у жамоа сафида барча мусобақаларда 122 та учрашув ўтказиб, 13 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt порталига кўра, ҳимоячининг бозор қиймати 70 миллион евро деб баҳоланмоқда.
23 ёшли футболчи фаолияти давомида Загребнинг "Динамо" ва Германиянинг "RB Лейпциг" клубларида ҳам тўп сурган. Гвардиол айни пайтда "Манчестер Сити" ҳимоя чизиғининг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади.