“Манчестер Сити” Чемпионшипга ҳам қабул қилинмаслиги мумкин
“Манчестер Сити” Премьер-лигадан четлатилган тақдирда, клубга Англия футбол лигаси — EFL таркибига киришга ҳам рухсат берилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда “шаҳарликлар” нафақат Премьер-лигадан, балки мамлакатнинг қуйи профессионал дивизионларидан ҳам ташқарида қолиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда журналист Данкан Кастлс The Transfers Podcast’да маълум қилди.
Манбага кўра, Кастлс Премьер-лига ташкил этилганидан буён лига фаолиятига яқиндан алоқадор бўлган манба билан суҳбатлашган. Унинг айтишича, агар “Манчестер Сити” ва клуб эгалари ҳозирги позициясини ўзгартирмаса ҳамда Премьер-лига билан муросага келмаса, жамоани юқори дивизиондан чиқариб юбориш варианти кўриб чиқилиши мумкин. Бундай вазиятда клуб EFLга аъзолик учун алоҳида ариза топшириши керак бўлади, бироқ ҳозирги ҳолатда бу ариза рад этилиши мумкинлиги айтилмоқда.
“Манчестер Сити” молиявий қоидабузарликлар бўйича мустақил комиссия чиқарган ҳукм устидан апелляция берган ва ўз айбсизлигини таъкидламоқда. Шу сабабли ҳозирча клубга қандай жазо берилиши бўйича якуний қарор мавжуд эмас. Премьер-лигадан чиқариб юбориш ёки EFLга қабул қилмаслик варианти ҳам ҳозирча фақат эҳтимолий сценарий сифатида тилга олинмоқда.
Маълумот учун, Англия футбол лигаси — EFL таркибига Чемпионшип, Лига 1 ва Лига 2 киради. Улар Англия футбол пирамидасининг мос равишда иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги профессионал дивизионлари ҳисобланади.