«Манчестер Сити» бразилиялик вингер Аллан Элиас билан шартнома шартларини келишиб олди
«Манчестер Сити» «Палмейрас»нинг 22 ёшли вингери Аллан Элиас трансфери устида ишламоқда. Фабрицио Романо маълумотига кўра, Англия клуби футболчи билан шахсий шартнома шартлари бўйича келишувга эришган.
Энди «Манчестер Сити» трансферни амалга ошириш учун «Палмейрас» билан келишиши керак. Клублар ўртасидаги музокаралар аллақачон бошланган, бироқ ҳозирча трансфер суммаси бўйича якуний келишувга эришилмаган.
Аллан Элиас «Сити»да Савинонинг ўрнини эгаллаши мумкин. Бразилиялик Савинонинг «Тоттенхэм»га ўтиши кутилмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, Лондон клуби унинг трансфери учун 75 миллион фунт ва яна 10 миллион фунтгача бонус тўлаши мумкин.
Маълумот учун, Аллан Элиас жорий мавсум «Палмейрас» сафида 41 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 5 та голли узатма амалга оширди. Transfermarkt унинг бозор қийматини 20 миллион еврога баҳоламоқда.