«Манчестер Сити» Бернарду Силва ўрнига муносиб номзод топди
«Манчестер Сити» клуби «Ноттингем Форест» яримҳимоячиси Морган Гиббс-Уайтни сотиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. «Шаҳарликлар» 26 ёшли инглиз футболчисини ёзда жамоани тарк этиши кутилётган Бернарду Силванинг ўрнини босиши мумкин бўлган потенциал номзод сифатида кўришмоқда. Бу ҳақда Football Insider портали хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, ушбу трансфер 70 миллион еврога тушиши мумкин. Аввалроқ, футболчига «Астон Вилла» ҳам даъвогарлик қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Гиббс-Уайт жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 35 та учрашувда майдонга тушди. Унинг ҳисобида 7 та гол ва 4 та голли узатма мавжуд. Морган фаолияти давомида «Вулверхэмптон», «Шеффилд Юнайтед» ва «Суонси» каби клублар шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Transfermarkt портали футболчининг бозор қийматини 65 миллион еврога баҳоламоқда.