“Манчестер Сити” “Бавария” футболчиси учун 100 миллион евродан ортиқ таклиф қилган
“Манчестер Сити” клуби Мюнхеннинг “Бавария” жамоаси ярим ҳимоячиси Александер Павлович учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ таклиф қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда футболчининг ўзи журналист Кристиан Фальк билан суҳбатда тасдиқлаган. Мазкур маълумот CF Bayern Insider нашрида эълон қилинди.
Манбага кўра, Манчестер клуби Павловични ярим ҳимоясини кучайтириш учун муносиб номзод сифатида кўрган. Германиялик футболчи Родри ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ўйинчилардан бири сифатида қаралган.
Бироқ Павлович фаолиятини “Бавария”да давом эттиришни афзал кўрган. Мюнхенда туғилиб ўсган футболчи клубга содиқлигини билдириб, айнан шу жамоа билан йирик совринларни қўлга киритишни исташини айтган. У келажакда “Олтин тўп” учун курашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Маълумот учун, Александер Павлович “Бавария” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Ярим ҳимоячи Германия терма жамоаси сафида ҳам ўйнаб келмоқда. Унинг “Манчестер Сити”га трансфери бўйича ҳозирча янги музокаралар олиб борилаётгани тасдиқланмаган.