“Манчестер Сити” АПЛдан четлатилиши мумкин
“Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг молиявий қоидаларини бузиш билан боғлиқ иш бўйича 115 ҳолатдан 114 тасида айбдор деб топилгани хабар қилинди. The Athletic’нинг масаладан хабардор манбаларига кўра, қарор мустақил комиссия томонидан чиқарилган, бироқ ҳозирча жазо тури белгиланмаган.
Клубга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган санкциялар қаторида жарима, очколарни олиб ташлаш ёки ҳатто Премьер-лигадан четлатиш каби чоралар ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Шу билан бирга, “Манчестер Сити” қарор устидан апелляция бериши кутилмоқда.
Мазкур иш бўйича тингловлар 2024-йил сентябрида бошланиб, ўша йилнинг декабрида якунланган эди. Айбловлар асосан 2009–2018-йиллар оралиғидаги молиявий ҳисоботлар, ҳомийлик даромадлари, футболчи ва мураббийларга тўловлар ҳамда Премьер-лига текшируви билан ҳамкорлик қилиш масалаларига тааллуқли. Клуб шу вақтгача барча айбловларни рад этиб келган.
Маълумот учун, 25-сентябрь ҳолатига кўра Премьер-лига ҳали жазо чораларини расман эълон қилмаган. Шу сабабли “Манчестер Сити”нинг лигадан чиқарилиши ёки очколари олиб ташланиши ҳозирча эҳтимолий санкциялар сифатида кўрилмоқда, якуний жазо эса кейинроқ маълум бўлади.