“Манчестер Сити” 2018 йилдан буён солиқ текшируви остида бўлгани маълум бўлди
Англиянинг “Манчестер Сити” клуби 2018 йилдан буён Буюк Британия солиқ идоралари томонидан текшириб келинаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, текширув клуб мураккаб молиявий схемалар орқали солиқ мажбуриятларини камайтирган бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ. Суриштирув Германиянинг Der Spiegel нашри клубга оид махфий электрон ёзишмаларни эълон қилганидан сўнг бошланган.
Хусусан, собиқ бош мураббий Роберто Манчинига консалтинг шартномаси орқали тўланган 8,86 миллион фунт ҳам эътиборга тушган. Ҳозирча солиқ идоралари клубга нисбатан расмий жазо чораларини қўлламаган.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” 2009–2018 йиллар оралиғидаги молиявий қоидабузарликлар бўйича ҳам жавобгарликка тортилган. Мустақил комиссия клубни 900 миллион фунтдан ортиқ маблағ билан боғлиқ молиявий ҳисоботларни бузганликда айбдор деб топган. Клуб эса бу қарор устидан апелляция шикояти киритган.