«Ман Сити» ва «Бавария» Кубарсига қизиқиш билдирмоқда
Каталониянинг «Барселона» клуби марказий ҳимоячиси Пау Кубарси бир қатор номдор жамоалар эътиборига тушди. Caught Offside нашрининг хабар беришича, «Манчестер Сити», «Челси», «Арсенал» ва «Бавария» 19 ёшли футболчининг ҳолатини кузатиб бормоқда.
Манбага кўра, ҳозирча клублар ва футболчи ўртасида расмий ёки норасмий алоқалар ўрнатилмаган, бироқ яқин орада музокаралар бошланиши эҳтимоли мавжуд. Қайд этиш жоизки, иқтидорли ҳимоячининг амалдаги шартномасида 500 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган.
Жорий мавсумда Кубарси барча турнирлар доирасида 39 та учрашувда майдонга тушиб, битта гол муаллифига айланди. Футболчининг «кўк-анорранглилар» билан шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар давом этади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати айни дамда 80 миллион еврони ташкил қилмоқда.