«Ман Сити» ва «Бавария» «Фейеноорд»нинг 19 ёшли ҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда
«Фейеноорд»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Живайро Ридага бир вақтнинг ўзида Европанинг бир нечта топ-клублари қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқларида хабар берди.
Манбага кўра, 19 ёшли нидерландиялик футболчини «Бавария» аллақачон ўз сафида кўришни истамоқда — мюнхенликлар Роттердам клуби билан дастлабки музокараларни ҳам ўтказиб улгурган. Шунингдек, «Манчестер Сити» ҳам Ридани 2026 йил учун ўнг қанотни кучайтириши мумкин бўлган номзодлар рўйхатига киритган.
Жорий мавсумда нидерландиялик футболчи «Фейеноорд» сафида барча мусобақалар доирасида 15 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 3 та голли узатма қайд этган.
Риданинг нидерланд клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 20 миллион еврони ташкил этади.