«Ман Сити» Ливраменто трансферига Траффордни ҳам қўшиб беришга тайёр
«Манчестер Сити» «Ньюкасл»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Валентино Ливраментога қизиқишини сақлаб қолмоқда. «Шаҳарликлар» 23 ёшли футболчини келаётган қишки трансфер ойнасида қўлга киритишга уринишлари мумкин. Бу ҳақда TEAMtalk хабар берди.
Манбага кўра, «Манчестер Сити» Ливраменто трансфери учун нафақат пул, балки дарвозабон Жеймс Траффордни ҳам битимга қўшишга тайёр. «Ньюкасл» эса 23 ёшли посбон билан жиддий қизиқмоқда — клуб аввалроқ Траффорднинг вакиллари билан алоқа ўрнатган.
Траффорд ўтган ёзда «Сити» сафига қўшилган, бироқ Жанлуижи Доннарумма билан рақобатда асосий таркиб учун курашни юта олмаган. Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 450 дақиқа майдонда бўлган.
Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, дарвозабоннинг бозор қиймати 30 миллион еврога тенг.