«Ман Сити» қишда икки футболчиси билан хайрлашиши мумкин
«Манчестер Сити» клуби январ ойидаги трансфер ойнаси арафасида ҳимоячи Рико Льюис бўйича келиб тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Бу футболчининг жамоада тутаётган ўрни борасидаги ноаниқлик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Football Insider хабар бермоқда.
Манбага кўра, қишки трансферлар даврида «шаҳарликлар» сафини тарк этиши мумкин бўлган яна бир футболчи — ҳужумчи Оскар Бобб ҳам бор. Ҳозирда 22 ёшли футболчининг жамоада қолиши масаласи очиқ қолмоқда.
Норвегиялик вингерга «Кристал Пэлас» қизиқиш билдирмоқда ва лондонликлар уни ижарага олиш ёки тўлиқ трансферни амалга ошириш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Жорий мавсумда Рико Льюис барча мусобақаларда 12 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та голли узатма муаллифи бўлган. Оскар Бобб эса 14 та ўйинда иштирок этиб, 1 та ассист қайд этган.