Максим Шацких: «Ўйлайманки, эртага қизиқарли ва жиддий ўйин бўлади»
ОЧЛ 2 “B” гуруҳидаги “Аркадаг” - “Андижон” учрашуви олдидан бугун стадионда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда дастлаб Андижон жамоаси бош мураббийи Максим Шацких иштирок этишди.
Сиз илгари “Пахтакор” билан туркман жамоаларига қарши иштирок этгансиз ва ўзаро ўйинларда тажрибангиз бор. Масалан, дуранг бўлганди. "Аркадаг" янги ташкил этилган жамоа. ОФК “Чақириқ Кубоги”ни ҳам ютди. Бу клубни кучли ва кучсиз томонларини ўргандингизми?
- Биринчи навбатда ҳаммага хайрли кеч. Биз жамоа ҳақида максимал маълумот олишга эришдик. CAFA турнири орқали ҳамма ўйинларини таҳлил қилдик. Жамоанинг ўтган йилги “Чақириқ Кубоги”даги ярим финал ва финал ўйинларини кўриб чиқдик. Бизда таҳлил қилиш учун етарли вақт бўлди. Гуруҳдаги биринчи ўйинга пухта тайёргарлик кўрдик. Эртага биз Туркманистон терма жамоасига қарши ўйнашимизни тушуниб турибмиз. Терманинг 99 фоиз ўйинчилари “Аркадаг” жамоаси ўйинчилари саналади. Биз бу ўйинга жиддий тайёрландик. Аксинча, биз бу турнирда янги жамоамиз. Ўйлайманки, эртага қизиқарли ва жиддий ўйин бўлади. Тезкор ва тартибли ўйин намойиш этамиз, деб умид қиламан. Асосийси, натижа. Биз бу ерга дуранг учун келганимиз йўқ, табиийки, ғалаба учун ўйнаймиз.
- Максим Александрович, жамоангизнинг ҳозирги ҳолати қандай?
- Ҳаммаси яхши. Парвозимиз ҳам яхши бўлди. Ўйинга қилган режамизни амалга оширамиз, албатта.
- “Андижон” ОЧЛ 2 да янги жамоа. “Аркадаг” ҳам дебютини ўтказади. Гуруҳдаги жамоаларнинг имконияти ҳақида нима дея оласиз?
- Ўйлайманки, тўртала жамоанинг вазифаси гуруҳдан чиқиш. Ҳеч ким буни яширмайди. Бизда ҳам шу мақсад. Эртанги ўйин орқали мақсад сари олдинга борамиз.
- Эшитишимизча, “Андижон” таркиб масаласидаги ишларини ҳали тўлиқ якунламаган ва таркиб кучайтирилиши кутилмоқда экан...
- Режамиз бор, ҳали ҳеч нарса айта олмайман. Лекин ҳозир ҳам изланишдамиз.