Майкл Керрик: «Умид қиламанки, Майну узоқ вақт жамоада қолади»
«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Керрик жамоа яримҳимоячиси Кобби Майну билан шартнома узайтирилганига муносабат билдирди. Клуб расмий сайти хабар беришича, мураббий футболчининг узоқ вақт жамоада қолиши ва совринлар ютадиган муваффақиятли таркибнинг бир қисмига айланишига умид қилмоқда.
Керрикнинг таъкидлашича, «Манчестер Юнайтед»нинг мақсади энг нуфузли совринлар учун курашишдир ва бу йўлда Майну ўз устида ишлашда давом этиши ҳамда ривожланиши лозим.
«Манчестер Юнайтед» 30 апрел, пайшанба куни Кобби Майну билан 2031 йилгача мўлжалланган беш йиллик шартнома имзоланганини расман эълон қилди. Ушбу узоқ муддатли келишув клубнинг ёш иқтидор эгасига бўлган катта ишончидан далолат беради.
Жорий мавсумда Майну барча турнирлар доирасида клуб сафида 26 та учрашувда майдонга тушди ва ўз ҳисобига учта самарали узатмани ёздириб қўйди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 21 ёшли футболчининг айни пайтдаги бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этмоқда.