Магнус Карлсен 15 йилдирки дунё шоҳматининг 1-рақамли ўйинчиси
Карлсен тўла 15 йилдан буён дунё шоҳмат рейтингида узлуксиз равишда пешқадамлик қилиб келмоқда. 2011 йилнинг июль ойидан бошланган бу серия давомида ҳали бирор марта бўлса ҳам биринчи ўринни қўлдан бой бермади.
Ушбу рақам фақатгина ҳар ой чиқадиган FIDE рўйхатига тегишли эмас, балки ҳар бир ўйиндан кейин ўзгариб турадиган жонли (live) рейтингда ҳам Магнус 15 йил давомида тахтни ҳеч кимга бермади. Карлсен жами ҳисобда (узилишлар билан қўшганда) 16 йил давомида дунё етакчиси бўлиб турибди ва бу борада Анатолий Карповни (102 ой) ортда қолдириб улгурган.
15 йиллик ҳукмронлик давомида унинг биринчи ўрнига энг катта хавф солган шоҳматчи Фабиано Каруана бўлди. Каруана жами 5 йилу 11 ой давомида иккинчи ўринни эгаллаб келди ва ҳатто 2018 йилги жаҳон чемпионлиги ўйинлари пайтида орадики фарқни бор-йўғи 3 рейтинг очкосигача қисқартира олган эди. Шунингдек, 2017 йилда Владимир Крамник ҳам Магнусга жонли рейтингда 6.4 очко масофагача яқинлашган.
Магнус шоҳмат тарихидаги энг юқори рейтинг чўққисини ҳам ўзига тегишли қилган. У 2014 йилнинг май ойида ва кейинчалик 2019 йилнинг август ойида ўз фаолиятидаги ҳамда мутлақ жаҳон рекорди ҳисобланган 2882 очкони забт этди. Бунгача бўлган энг юқори натижа Гарри Каспаровга (2851) тегишли эди.
Яқинда якунланган Norway Chess 2026 турнирида Магнус Карлсен 17.8 рейтинг очкосини йўқотган бўлса-да, у ҳануз пешқадамликни ишончли тарзда ушлаб турибди. Айни пайтда у 2823 очко билан энг яқин таъқибчилари Фабиано Каруана ва Хикару Накамурадан (2792) жами 31 очко олдинда бормоқда.