Лука Модрич ёзда «Милан»ни тарк этади — Tuttosport
Хорватия терма жамоаси яримҳимоячиси Лука Модрич «Милан» билан шартномасини узайтирмасликка қарор қилди ва шу ёзда жамоадан кетади. Tuttosport нашрининг хабар беришича, тажрибали хавбек ўз қарорини Италия клуби раҳбариятига маълум қилиб улгурган. Хорватиялик юлдуз «россонери»га Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишда ёрдам бермоқчи эди, бироқ вазифа уддаланмади. Бу муваффақиятсизлик ортидан бош мураббий Массимиано Аллегри, бош директор Жоржо Фурлани ва спорт директори Игли Таре истефога чиқарилди.
Модрич «Милан» сафига 2025 йилнинг ёзида эркин агент мақомида келиб қўшилган эди. Якунланган мавсум давомида у миланликлар либосида барча турнирларда жами 37 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси шу йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган бўлиб, у ёзги трансфер ойнасида янги жамоага кўчиб ўтади.
Ушбу иқтидорли яримҳимоячи муқаддам узоқ йиллар давомида Мадриднинг «Реал» клуби шарафини ҳимоя қилган. «Қироллик клуби»даги 13 йиллик фаолияти давомида 39 ёшли футболчи 6 бор Чемпионлар Лигасида, 4 марта Испания чемпионатида ва 2 марта мамлакат кубогида зафар қучган. Шунингдек, у 5 мартадан Испания Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва УЕФА Суперкубоги соҳибига айланган, 2024 йилда эса Қитъалараро кубокни ҳам қўлга киритган эди.