Лука Модрич Испанияга қарши ўйиндан сўнг Хорватия термасидаги фаолиятини якунлаши мумкин
Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модрич яқин орада миллий жамоа билан хайрлашиши мумкин. Хабарларга кўра, тажрибали ярим ҳимоячи Испанияга қарши бўладиган учрашувдан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлашни режалаштирмоқда.
Манбаларга кўра, Модрич ушбу қарорни аллақачон қабул қилган ва Испанияга қарши баҳс унинг Хорватия терма жамоаси сафидаги сўнгги ўйини бўлиши эҳтимоли юқори. Расмий эълон эса учрашувдан кейин берилиши кутилмоқда.
40 ёшли футболчи 2006-йилдан буён Хорватия шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт давомида у жамоани 2018-йилги Жаҳон чемпионати финали, 2022-йилги мундиалнинг учинчи ўрни ҳамда УЕФА Миллатлар лигаси финалигача олиб чиққан ҳолда мамлакат футболи тарихидаги энг буюк футболчилардан бирига айланди.
Агар бу маълумот тасдиқланса, Испанияга қарши учрашув Лука Модричнинг Хорватия термаси сафидаги афсонавий фаолиятига якун ясайдиган тарихий баҳс сифатида ёдда қолади.