Лука Модрич фаолиятидаги 10-йирик халқаро турнирда иштирок этиб, тарихий кўрсаткич қайд этди
Хорватия терма жамоаси яримҳимоячиси Лука Модрич ўз миллий жамоаси сафида 10 та йирик халқаро турнирда майдонга тушган тарихдаги иккинчи европалик футболчига айланди. Бу ҳақда Opta Sports статистик портали хабар бермоқда.
Мазкур кўрсаткичда футболчиларнинг Жаҳон ва Европа чемпионатидаги иштироклари ҳисобга олинган. Аввалроқ, Европа футболида ушбу довонни фақатгина Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду забт этган бўлиб, унинг ҳисобига 12 та шундай йирик турнир тўғри келади.
Жорий ЖЧ-2026 мусобақаси хорватиялик тажрибали хавбек учун фаолиятидаги бешинчи дунё биринчилиги ҳисобланади. Модрич аввал 2006, 2014, 2018 ва 2022 йиллардаги Жаҳон чемпионатларида Хорватия шарафини ҳимоя қилган. Унинг ҳисобига тўғри келадиган қолган бешта йирик турнир эса Европа чемпионатларига (2008, 2012, 2016, 2020 ва 2024 йиллар) тўғри келади.
Европалик футболчилар орасидаги мутлақ рекорд эса ҳануз Криштиану Роналдуга тегишли бўлиб турибди. Португалиялик форвард ўзининг дебют мусобақаси ҳисобланган Евро-2004 турниридан буён олтита Европа чемпионати ва олтита Жаҳон чемпионатида миллий жамоаси сафида ғалаба қозониш учун майдонга тушган.