Лука Модрич 18 йил ичида кучли бешлик чемпионатларида 550 дан ортиқ ўйин ўтказган иккинчи футболчига айланди
«Милан» яримҳимоячиси Лука Модрич А Сериянинг 30-тури доирасида «Торино»га қарши кечган учрашувда иштирок этди. Массимилиано Аллегри шогирдлари Павлович, Рабьё ва Фофаналарнинг голлари эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритишди. Хорватиялик футболчи «россонерилар»нинг асосий таркибида майдонга тушди ва баҳсни тўлиқ ўтказди.
Мазкур учрашув 40 ёшли Модрич учун Европанинг кучли бешлик лигаларидаги 550-ўйин бўлиб тарихга кирди. Яримҳимоячи ўйинларининг асосий қисмини Мадриднинг «Реал» клуби сафида Ла Лигада ўтказган (394 ўйин). Шунингдек, унинг ҳисобида Англия Премьер-лигасида «Тоттенхэм» сафида 127 та ва Италия А Сериясида «Милан» либосида 29 та баҳс мавжуд.
Қайд этиш жоизки, футболчининг АПЛдаги дебютидан (2008/2009 йилги мавсум) буён кучли бешлик лигаларида фақатгина «Атлетико Мадрид» ҳужумчиси Антуан Гризманн (555 ўйин) ундан кўпроқ майдонга тушган, холос.
Маълумот ўрнида, Лука Модрич жорий 2025/2026 йилги мавсумда барча турнирлар доирасида 32 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва 3 та самарали узатмани ёздириб қўйди.