Луис Энрике ва Эрнесто Вальверде Негрейра иши бўйича судда кўрсатма берди
«Барселона»нинг собиқ бош мураббийлари Луис Энрике ва Эрнесто Вальверде Негрейра иши бўйича судда кўрсатма бериб, ҳакамлар ҳисоботлари мавжудлиги ҳақида хабардор бўлмаганини маълум қилди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар берди.
Луис Энрикенинг сўзларига кўра, у ишлаган даврда на ўзига, на мураббийлар штабига ҳакамлар томонидан тузилган қандайдир ҳисоботлар кўрсатилмаган ёки улар ҳақида гапирилмаган. Мураббий бу борада мутлақо хабарсиз бўлганини қатъий таъкидлаган.
Шу билан бирга, «Барселона» президенти Жоан Лапорта ушбу ҳисоботлар ҳақиқатда мавжуд бўлганини ва улар клуб учун «фойдали» эканини айтиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда «Барселона» собиқ ҳакамлар техник қўмитаси (CTA) витсе-президенти Хосе Негрейра билан боғлиқ иш доирасида порахўрликда айбланган эди. Клуб 2001–2018 йиллар оралиғида Негрейрага қарийб 8,4 миллион евро тўлагани айтилади. Хосе Негрейра эса бу тўловлар ҳакамларга таъсир ўтказиш мақсадида амалга оширилганини инкор этмоқда.