Луис Энрике ПСЖга Мартин Субимендини олиб келмоқчи
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике жамоа ярим ҳимоя чизиғини «Арсенал» футболчиси Мартин Субименди билан кучайтиришни истамоқда. Парижликлар испаниялик футболчининг трансфери имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда El Nacional хабар бермоқда.
Манбага кўра, Субимендининг ўйин услуби Луис Энрике талабларига мос келади. Мураббий футболчининг ҳужумни ҳимоядан бошлаш, прессинг остида тўп билан ҳаракат қилиш ва майдон марказидан жамоа ўйинини бошқариш қобилиятларини юқори баҳоламоқда.
«Арсенал» эса ярим ҳимоячи бўйича муносиб таклиф тушса, музокараларга киришишга тайёр экани айтилмоқда. Лондон клуби Субименди учун тахминан 80 миллион евро миқдоридаги таклифларни кўриб чиқиши мумкин. Ҳозирча ПСЖ томонидан расмий таклиф юборилгани ҳақида маълумот йўқ.
Маълумот учун, Мартин Субименди «Арсенал» сафига 2025-йил ёзида «Реал Сосьедад»дан кўчиб ўтган. Испания терма жамоаси футболчиси баск клубининг асосий жамоасида 236 та учрашув ўтказган ва «Арсенал» билан узоқ муддатли шартнома имзолаган.