Луис де ла Фуэнте: «Бундай инсонларга футболда ўрин йўқ»
Испания миллий жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте Миср миллий терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувидаги (0:0) мусулмонларга қарши айтилган ҳайқириқлар борасида ўз фикрини билдирди.
«Бу умумий фикр — бундай хатти-ҳаракатларга асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз буни мутлақо рад этамиз. Менимча, стадиондаги томошабинлар бу ҳолатга тўғри муносабат билдиришди ва таблода чиқарилган огоҳлантириш ўринли бўлди. Томошабинларнинг кўпчилиги ўша ҳайқириқларни айтаётганларга ҳуштакбозлик билан жавоб берди. Ўзини бундай тутадиган инсонларга футболда ўрин йўқ — улар ҳаётнинг бошқа жабҳаларида бўлгани каби, ўйиндан ҳам ўз мақсадлари йўлида фойдаланишади. Улардан юз ўгириш керак», — деди де ла Фуэнте.
Учрашув Барселона шаҳрида бўлиб ўтди. Ўйиннинг тахминан 20-дақиқасида мухлисларнинг бир қисми камситувчи мазмундаги ҳайқириқларни бошлаган. Таъкидлаш жоизки, Испания терма жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири, «Барселона» ҳужумчиси Ламин Ямал мусулмон ҳисобланади.