«Ливерпул»нинг Александер-Арнолдни орқага қайтариш борасидаги позицияси маълум бўлди
«Ливерпул» жамоасининг собиқ ҳимоячиси Трент Александер-Арнолднинг «Реал Мадрид»даги мослашув жараёни қийин кечаётгани, бунга эса кўп жиҳатдан футболчининг жароҳатлари сабаб бўлаётгани маълум. Шунга қарамай, клуб тарбияланувчисини орқага қайтариш мерсисайдликларнинг режаларига кирмайди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, «қизиллар» лагерида жамоанинг узоқ муддатли шаклланиш жараёни якунланган деб ҳисобланмоқда. Шу сабабли, ҳатто ёзги трансфер ойнасида Трентнинг трансфери бўйича имконият туғилган тақдирда ҳам, «Ливерпул» музокараларга киришмоқчи эмас. Клуб раҳбарияти ҳануз Конор Бредли ва Жереми Фримпонгга ишонч билдираётгани ҳамда уларни ўнг қанот ҳимояси учун асосий футболчилар деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Трент ўтган ёзда эркин агент сифатида «Ливерпул»дан «Реал»га кўчиб ўтган эди. Ҳозирга қадар у барча мусобақаларда 11 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган.