«Ливерпуль» Жереми Жаке учун курашга қўшилди
«Ренн»нинг иқтидорли марказий ҳимоячиси Жереми Жаке Англия Премьер-лигасининг гигант клублари диққат марказига тушди. «Ливерпуль» 20 ёшли футболчи учун курашга расман қўшилди. Бу ҳақда машҳур инсайдер Бен Жейкобс ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Маълумотларга кўра, ёш ҳимоячига «Челси» ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда. Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо «аристократлар» Жаке билан шахсий шартнома шартларини келишиб олгани ҳақида хабар берган эди.
Бироқ трансфер баҳоси масаласи ҳали очиқ қолмоқда. «Ренн» ўз тарбияланувчиси учун рекорд даражадаги маблағ — 65 миллион евро талаб қилмоқда.
Маълумот учун, Жереми Жаке «қизил-қоралар» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У жорий мавсумда Франция чемпионатида 18 та учрашувда майдонга тушиб, уларнинг барчасини асосий таркибда бошлади.
«Transfermarkt» портали айни пайтда футболчининг бозор қийматини 20 миллион еврога баҳолаган бўлса-да, «Ренн» уни арзонроққа қўйиб юбормоқчи эмас.