«Ливерпуль» Семенё трансфери бўйича музокараларни бошлади
«Ливерпуль» клуби «Борнмут» жамоасининг ўнг қанот ҳужумчиси Антуан Семенё трансфери бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Indykaila News X ижтимоий тармоғида хабар берилмоқда.
Манбага кўра, «қизиллар» «Борнмут»га расмий таклиф билан мурожаат қилган ва айни вақтда трансфер учун тўловлар тузилмасини муҳокама қилмоқда.
Қайд этилишича, клуб раҳбарияти Муҳаммад Салоҳ билан олиб борилган музокаралар чоғида уни ҳужум чизиғининг ҳар иккила қанотида ҳам ҳаракат қила оладиган вингер трансфери режалаштирилаётгани ҳақида хабардор қилган.
Антуан Семенё 25 ёшда бўлиб, у «Борнмут» сафида 2023 йил январ ойидан буён тўп суриб келмоқда. Жорий мавсумда ганалик футболчи клуб миқёсида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол ва 3 та голли узатма муаллифи бўлган. Transfermarkt портали Семенёни 65 миллион еврога баҳоламоқда.