«Ливерпул» Лука Вушкович трансфери бўйича музокараларга тайёргарлик кўрмоқда
Амалдаги шартномаси бўйича «Тоттенҳем»га тегишли бўлган ва ҳозирда ижара асосида «Гамбург» шарафини ҳимоя қилаётган ҳимоячи Лука Вушкович «Ливерпул» қизиқишлари доирасига тушди. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри хабар бермоқда.
Мерсисайдликлар жорий мавсум якунлангач, футболчини сотиб олиш имкониятларини жиддий кўриб чиқишмоқда. Шунингдек, «Барселона» ва «Челси» клублари ҳам ўйинчи атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб боришмоқда.
Муттахассисларнинг фикрича, Вушковичнинг трансфери ушбу клубларнинг ҳар бири учун истиқболли ва узоқ муддатли инвестиция бўлиши мумкин. Таъкидланишича, «қизиллар» ушбу битимни молиявий жиҳатдан амалга оширишга қодир, бироқ ҳозирча клуб раҳбарияти томонидан аниқ амалий қадамлар ташланиши борасида якуний тўхтамга келинмаган.
Жорий мавсумда Вушкович «Гамбург» сафида барча турнирлар доирасида 26 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол ва 1 та самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 19 ёшли ҳимоячининг айни дамдаги бозор қиймати 60 миллион еврони ташкил этади.