«Ливерпул» Конате билан шартномани узайтириш бўйича музокараларни бошлади — манба
«Ливерпул» бош мураббийи Арне Слот клуб ҳимоячи Ибраима Конате билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади. 26 ёшли футболчининг «Энфилд»даги келажаги масаласи тобора ойдинлашмоқда, зеро унинг амалдаги келишуви шу йилнинг июнида якунга етади. Бу эса клубдан футболчининг кейинги режалари бўйича тезкор қарор қабул қилишни талаб этади.
«Биз у билан музокаралар олиб боряпмиз ва бу жараённинг ўзи ниятимизни кўрсатиб турибди. Албатта, унинг қолишини истаймиз, аммо мулоқот ҳали давом этмоқда, шундай экан, якуни нима бўлишини кўрамиз. Агар уни жамоада сақлаб қолишни хоҳламаганимизда, бу масалани муҳокама ҳам қилмаган бўлардик», — деди Слот Liverpool Echo нашрига берган интервьюсида.
Мураббий, шунингдек, сўнгги пайтларда йўл қўйган хатолари учун танқид қилиниб келаётган Конатени ҳимоя қилди. У ҳимоячининг ишончлилиги ва Виржил ван Дейк билан ўрнатган ҳамкорлиги жамоа мудофаасининг асоси эканини алоҳида таъкидлади. Слотнинг қўшимча қилишича, таркибдаги жароҳатлар ва ҳимоячилар танқислиги ҳисобга олинса, Конатенинг кетиши жамоа учун жиддий йўқотиш бўлади.
Жорий мавсумда Конате «Ливерпул» сафида 33 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол уришга эришди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 50 миллион еврога тенг.