«Ливерпуль» «Интер»нинг Жонсни сотиб олиш бўйича таклифини рад этди — Романо
Жонснинг ҳозирги трансфер нархи 35 миллион еврога баҳоланмоқда.
ФОТО: Getty images
«Ливерпуль» Миланнинг «Интер» клубининг ярим ҳимоячи Кёртис Жонсни сотиб олиш бўйича таклифини рад этди. Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, Италия клуби футболчи учун 25 миллион евро таклиф қилган, бу эса мерсисайдликларни мутлақо қониқтирмаган. Англия жамоаси ярим ҳимоячини анча қимматроққа баҳоламоқда.
Кёртис Жонс «Ливерпуль» тарбияланувчиси ҳисобланади. 25 ёшли футболчи мерсисайдликларнинг асосий жамоасида 2020 йилдан буён тўп суради.
Шу кунга қадар футболчи «қизиллар»нинг асосий жамоаси сафида умумий ҳисобда 228 та ўйинда 22 та гол уриб, 25 та голли узатмани амалга оширган. Жонснинг ҳозирги трансфер нархи 35 миллион еврога баҳоланмоқда.