«Ливерпул» «Борнмут» ҳимоячисини ўз сафига қўшиб олмоқчи — TEAMtalk
«Ливерпул» клуби «Борнмут» ҳимоячиси Маркос Сенесининг вакиллари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Мерсисайдликлар келаётган ёзги трансфер ойнасида ҳимоя марказини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Ҳатто Ибраима Конате амалдаги шартномасини узайтиришга қарор қилган тақдирда ҳам, клуб янги ҳимоячи қидиришда давом этади. Бунга асосий сабаб сифатида Виржил ван Дейкнинг ёши ўтиб бораётгани ва Жозеф Гомеснинг жароҳатларга мойиллиги кўрсатилмоқда.
Манбанинг маълум қилишича, «Ливерпул» аллақачон Сенесининг агентлари билан алоқа ўрнатган. Бироқ бу трансферда мерсисайдликлар жиддий рақобатга дуч келишлари мумкин — аргентиналик ҳимоячига Премьер-лиганинг бошқа клублари ва Испаниянинг «Барселона» жамоаси ҳам қизиқиш билдирмоқда. Шуни ҳам айтиш жоизки, «Барселона» раҳбарияти айни дамда «Интер» аъзоси Алессандро Бастонини сотиб олишга кўпроқ эътибор қаратгани сабабли, Сенеси каталонияликлар учун асосий мақсад ҳисобланмайди.
Маркос Сенеси 2022 йилдан буён «Борнмут» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У жорий мавсумда Англия Премьер-лигасининг 31 та ўйинидан 30 тасини асосий таркибда бошлади ва «олча»лар мудофаасининг ажралмас қисмига айланди.